АҚШ Фаластинни БМТга қабул қилиш ҳақидаги лойиҳани блоклаб қўйди

Foto: “RIA Novosti”

БМТ Хавфсизлик кенгашида Фаластинни ташкилотнинг тўла ҳуқуқли аъзоси сифатида қабул қилиш тўғрисидаги резолюция лойиҳаси бўйича овоз беришда АҚШ вето ҳуқуқини қўллади, деб ёзади “Коммерсантъ”.

Лойиҳа Жазоир томонидан тақдим этилган эди. Уни ёқлаб Хавфсизлик кенгашининг 12 аъзоси, шу жумладан, Россия ва Хитой овоз берди. Швейцария ва Буюк Британия бетараф қолди, фақат АҚШ қарши чиқди.

АҚШ ушбу қарорни Фаластин маъмурияти талаб этилаётган ислоҳотларни олиб бормаётгани туфайли қабул қилган. Шунингдек, ҲАМАС ташкилотининг Ғазодаги таъсири ҳам қайд этилган.

Мамлакатни БМТга қабул қилиш ҳақидаги қарор Бош Ассамблея томонидан Хавфсизлик кенгаши тавсияларига кўра қабул қилинади. Тавсия этилиш учун мамлакат аризасини Хавфсизлик кенгашининг 15 аъзосидан 9 таси маъқуллаши керак, шунингдек, бешта доимий аъзосидан ҳеч бири қарши чиқмаслиги керак. Шундан кейин масала Бош Ассамблеяда кўрилади, у ерда ариза овозларнинг учдан икки қисмини тўплаши керак.

Фаластин 2011 йилдаёқ БМТга тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қўшилиш учун ариза берган, аммо ўшанда Хавфсизлик кенгаши томонидан қўллаб-қувватланмаган эди. 2024 йил 4 апрелда Мальта Фаластиннинг ўз аризаси кўриб чиқилишини қайта бошлаш ҳақидаги илтимосини қондирди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.