Россиялик мансабдорларга ҳатто “дўст” мамлакатларга, шу жумладан Ўзбекистонга бориш ҳам тақиқланди

Фото: DW

Россиялик мансабдорлар учун чет элга чиқиш қоидалари кучайтирилди, деб хабар беради Reuters ўз манбаларига таяниб. Бунга Россия Федерал хавфсизлик хизматининг хорижий мамлакатлар давлат сирларини қўлга киритишга уриниши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлари сабаб бўлган.

Агентлик манбаларига кўра, ушбу чекловлар “бироз тартибсиз”, қоидалар махфий ахборотдан фойдаланиш имконияти даражасига қараб фарқ қилади. Баъзи мансабдорларга эса ФХХ ҳатто “дўст” мамлакатларга ташриф буюришни тақиқлашга уринмоқда.

“Сиз май ойидаги байрамларга ҳеч қаёққа, ҳатто, Ўзбекистон ёки Беларусга ҳам боролмайсиз. Рухсат берилсагина боришингиз мумкин”, — деди манбалардан бири.

Чекловлар кучайтирилишига асосий сабаб россиялик амалдорлар чет элга сафар чоғида миллий хавфсизликка алоқадор ахборотни айтиб қўйиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлардир. Шунингдек, ФХХ фикрича, баъзи давлат хизматчилари қўлга олиниши, сўнг Ғарб мамлакатларидан бирига экстрадитсия қилиниши ёки “сирларни фош қилиш”ни кўзда тутувчи битим таклиф қилиниши мумкин.

Манбалардан бири айтишича, 2024 йил январида Лондонда Севастопол собиқ губернатори Дмитрий Овсянников қўлга олингани ҳам чекловлар кучайтирилишига яна бир сабаб бўлган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.