Испанияда ўлдириб кетилган россиялик учувчининг ёнидан қалбаки ҳужжатлар топилган

Фото: Ведомости

Испаниянинг EFE агентлигининг суриштирувга яқин манбалари 13 февраль куни Вильяхойосда отиб кетилган эркак Украинада Россия Қуролли кучларининг Ми-8 вертолётини ўғирлаб қочган россиялик учувчи Максим Кузьминов эканини тасдиқлади, деб ёзади “Коммерсантъ”. Агентлик маълумотларига кўра, унинг ёнидан топилган ҳужжатлар тергов томонидан қалбаки деб ҳисобланмоқда.

Europa Press фуқаролик гвардиясидаги манбаларига таяниб, ўлдирилган эркакнинг шахсини аниқлаш мақсадида қўшимча суриштирув олиб борилаётгани ҳақида хабар берганди. ОАВлар 33 ёшли украиналикнинг жасади топилгани ҳақида ёзганди (аммо Максим Кузьминов 28 ёшда ва у Россия фуқароси). EFE манбалари қайд этишича, ушбу хулосага унинг ёнидан топилган ҳужжатлар асосида келинган, бироқ улар “ҳақиқатга тўғри келмайди”.

EFE маълумотларига кўра, эркакка тахминан олти марта ўқ узилган ва дастлабки тергов хулосаларига кўра, унинг жасадини машина босиб ўтган, қотилликни амалга оширганлар шу машинада қочган. Максим Кузьминовнинг вафотини аввалроқ Украина Мудофаа вазирлиги Разведка бош бошқармаси тасдиқлаган, ундан аввал бу ҳақда ОАВлар хабар берган эди.

2023 йил сентябрида Украина Разведка бош бошқармаси раҳбари Кирилл Буданов разведка россиялик ҳарбий хизматчини Россия қуролли кучларининг Ми-8 вертолётини Украина ҳудудига қўндиришга кўндирганликларини айтганди. Кейинроқ Максим Кузьминов Киевдаги матбуот анжуманида сўзга чиқиб, ўз қарорини ҳарбий операцияга нисбатан салбий фикрда экани билан изоҳлаганди. Украина Разведка бош бошқармаси Кузьминов кейинроқ Испанияга кўчиб кетганини маълум қилганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.