Исроил Эроннинг ҳужумига қандай жавоб бериш борасида бир қарорга келган — ОАВ
Исроил мудофаа армияси (ЦАХАЛ) Эрон томонидан 14 апрелга ўтар кечаси қилинган ҳужумга қандай жавоб қайтариши ҳақида қарор қабул қилиб бўлган, аммо бу жавоб бериладиган вақт ҳозирча аниқ эмас, деб ёзади Meduza. Бу ҳақда The Jerusalem Post ўз манбаларига таяниб хабар берган.
Нашр суҳбатдошлари бу айнан қанақа ҳужум бўлишига аниқлик киритмади. Шу билан бирга, уларнинг сўзларига кўра, якуний қарор ҳали ўзгариши мумкин.
Нашр ёзишича, Исроил раҳбарияти жавоб зарбаси беришга қатъиян бел боғлаган, бироқ “ҳамма далиллар шуни кўрсатмоқдаки, Қуддус низо минтақавий урушга айланиб кетмаслиги учун ҳужумни ҳамон юмшатишга интилмоқда”.
Шу билан бирга, нашр қайд этишича, ҳужум яқин кунларда юз бериши муқаррар эмас ва кечиктирилиши ҳам мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Исроил Эроннинг ҳужумига жавоб қайтариш вариантлари сифатида Теҳрондаги объектга зарба ёки киберҳужумни кўриб чиқаётгани маълум бўлганди.
Эрон эса Исроил ҳужум қилган тақдирда, бир неча сония ичида жавоб қайтаришга ваъда берди.
Аввалроқ АҚШ Исроилга Эрон ҳудудига ҳужумда ёрдам бермаслиги маълум бўлган эди. ABC манбаларига кўра, бу ҳақда Пентагон раҳбари Ллойд Остин Исроил мудофаа вазири Йоав Галантга 14 апрель куни шахсий суҳбат чоғида маълум қилган.
14 апрелга ўтар кечаси Эрон юзлаб дронлар ва ракеталар ёрдамида Исроил ҳудудига ҳужум қилди, улар АҚШ ва Буюк Британия кўмагида уриб туширилди. Зарба 1 апрель куни Исроил томонидан Эроннинг Дамашқдаги элчихонасига қилинган ҳужумга жавобан берилди. Шундан кейин Исроил армияси Бош штаби бошлиғи Герци Халеви Исроил Эронга жавоб зарбаси беришини айтди. Аммо 14 ёки 15 апрелга режалаштирилган ҳужум АҚШнинг низо кучайишига йўл қўймаслик ва масалани дипломатик йўл билан ҳал қилиш ҳақидаги даъватлари туфайли бекор қилинди.
Шарҳлар