Москвада “Спутник V” вакцинасининг муаллифини ўлдиришда айбланаётган шахс 14 йилга қамалди

Фото: Московские суды общей юрисдикции. Telegram

Москванинг Хорошевский суди Гамалея номидаги Марказнинг катта илмий ходими Андрей Ботиковнинг ўлдирилишида айбдор деб топилган Алексей Змановскийни махсус режимли колонияга 14 йилга озодликдан маҳрум қилди. Олим коронавирусга қарши “Спутник V” вакцинасининг муаллифларидан бири эди.

47 ёшли Ботиков 2023 йил 2 март куни Москвадаги тураржой биноларидан бирида ўлдирилган. Тергов маълумотларига кўра, Змановский уни уйдаги жанжал пайтида камар билан бўғиб ўлдирган, шундан сўнг у ғойиб бўлган. У эртаси куни ҳибсга олинган ва у ўз айбини тан олган.

Тергов қўмитаси маълумотларига кўра, Змановский аввалроқ оғир жиноят учун жавобгарликка тортилган (тафсилотлари номаълум). Хорошевский суди жазога Калуга туман судининг озодликни чеклаш тарзидаги аввалги ҳукми бўйича муддатнинг ўталмаган қисмини қўшди. 14 йиллик қамоқ жазосидан ташқари Змановский 80 минг рубль миқдорида жаримага ҳам тортилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.