Ўзбекистон ТИВ Кандаҳорда содир этилган террорчилик ҳаракатини қоралади

Фото: report.az

Афғонистон жанубидаги Қандаҳор шаҳрида New Kabul Bank филиалида юз берган портлашда камида 19 киши ҳалок бўлган. Камида 20 киши жароҳатланган, уларнинг барчаси Қандаҳордаги Мирвайс ҳудудий шифохонасига етказилган.

Толибон ҳукумати Ички ишлар вазирлигининг матбуот котиби Абдулматин Қаний маҳаллий ОАВга портлаш фактини тасдиқлади, бироқ воқеа тафсилотларини маълум қилишдан бош тортди. Қандаҳор хавфсизлик хизмати вакили Асадаллаҳ Жамшид ҳужумни худкуш-террорчи амалга оширганини айтди.

ИШИД террорчилик ташкилоти Афғонистоннинг Қандаҳор шаҳрида содир этилган теракт учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги вазиятга қуйидагича муносабат билдирди:

“Афғонистоннинг Қандаҳор шаҳрида юз берган портлаш тўғрисидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилдик. Кўп сонли қурбонларга олиб келган ушбу терактни кескин қоралаймиз. Ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз ва барча жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаймиз”.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.