Қозоғистон президенти Астанада ўтказилиши керак бўлган Халқаро форумни бекор қилди

Фото: akorda.kz

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев жорий йилнинг 13-14 июнь кунлари Астанада бўлиб ўтиши керак бўлган халқаро форумни бекор қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари Х ижтимоий тармоғида (собиқ Twitter) ёзган.

“Қозоғистонда мисли кўрилмаган сув тошқини ва кенг кўламли вайронагарчилик оқибатларини бартараф этиш ва мамлакат фуқароларига ёрдам кўрсатиш учун молиявий ресурсларни тежаш зарурати туфайли шу йилнинг 13-14 июнь кунлари бўлиб ўтадиган Астана халқаро форумини бекор қилишга қарор қилдим. Умид қиламанки, тадбирга таклиф этилган иштирокчилар ушбу қарорга тушуниш билан ёндашадилар. Астана халқаро форуми 2025 йилда ўз ишини тиклайди”, — деб ёзади Қосим-Жомарт Токаев.

2023 йил 8-9 июнь кунлари Қозоғистон пойтахтида Астана халқаро форуми бўлиб ўтганди. Унда 70 та давлатдан мингдан ортиқ меҳмон иштирок этди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.