Қозоғистонда Сибирь куйдиргисига алоқадор 14 та қабристон ва 8 та ҳайвонлар мозори баҳорги тошқин остида қолди

Фото: believe.ru

Қозоғистон ҳудудидаги Сибирь куйдиргисига алоқадор 8 та ҳайвонлар мозори ва 14 та қабристон қор-муз сувлари остида қолди, деб хабар беради Meduza. Улар асосан Ғарбий Қозоғистон вилоятидаги Сирим туманида жойлашган.

Вилоят Ветеринария бошқармаси ветеринария-санитария хавфсизлиги бўлими бошлиғи Нуркайир Кусайинов фавқулодда вазиятлар юз берган ҳудудларда чорва моллари ветеринария хизматлари кузатуви остида бўлишини маълум қилди.

Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ишонтиришича, ҳайвонлар мозори ва қабристонлар “барқарор ҳолатда қолмоқда”. Идора вакили қабристонлар герметик эканлиги ва доимий назорат остида турганини маълум қилди. Унинг аниқлик киритишича, Сибирь куйдиргисидан нобуд бўлгач, ҳайвон ёқиб юборилади, кули эса бетонланиб тош тобут (саркофаг) шаклига келтирилади, унинг атрофига эса дезинфекцияловчи воситалар жойлаштирилади.

Айни пайтда Қозоғистоннинг бир нечта ҳудудларида баҳор тошқинлари юз бермоқда. 10 та ҳудудда маҳаллий кўламда фавқулодда вазият режими эълон қилинган. 7 апрель ҳолатига, Ғарбий Қозоғистонда баҳорги тошқин туфайли 7 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.