Янги комиссия маданий ва археология мероси объектларини муҳофаза қилиш билан шуғулланади

Янги комиссия маданий ва археология мероси объектларини муҳофаза қилиш билан шуғулланади

Ўзбекистонда маданий ва археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича Ҳукумат комиссияси ташкил этилади.

Мазкур комиссия Ўзбекистон халқининг умуммиллий бойлиги бўлмиш моддий маданий ва археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш, ноёб моддий маданий мерос объектларини ҳар томонлама ўрганиш, оммалаштириш ва тарғиб қилиш учун шарт-шароитлар яратиш, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2014 йил 21 июлда қабул қилинган 200-сонли қарор доирасида ташкил этилмоқда.

Қуйидагилар комиссиянинг асосий вазифалари қилиб белгиланди:

– Ўзбекистон Республикаси давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек нодавлат ташкилотларининг маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;
– маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини амалга ошириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;
– маданий ва археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш жараёнида пайдо бўладиган масалаларни кўриб чиқиш, уларни ҳал этиш бўйича чора-тадбирлар тизимини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
– консервациялаш, реставрация-тиклаш ишлари олиб бориладиган моддий маданий ва археология мероси объектларининг ҳар йиллик рўйхатини тасдиқлаш;
– Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармасининг таклифлари асосида консервациялаш, реставрация-тиклаш ишларини бажариш учун пудрат ташкилотлари рўйхатини тасдиқлаш;
– юридик ва жисмоний шахсларга маданий ва археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш фаолиятида, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларининг олдини олишда кўмаклашиш.

Шунингдек, қарор билан Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармаси тўғрисидаги Низом ҳамда Бош бошқарманинг минтақалараро (минтақавий) давлат инспекциялари тузилмаси тасдиқланди.

Низомга кўра, Бош бошқарманинг вазифалари қуйидагилардан иборат бўлади:

– юридик ва жисмоний шахслар томонидан маданий ва археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш;
– маданий ва археология мероси объектларини муҳофаза қилиш, сақлаш, тарғиб қилиш, илмий ва илмий-техник тадқиқ қилиш, консервациялаш, реставрация қилиш ва улардан замонавий мақсадларда фойдаланиш учун ўрганиш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда қатнашиш;
– маданий ва археология мероси объектларини аниқлаш, ҳисобга олиш, муҳофаза қилиш, оммалаштириш ва улардан фойдаланиш;
– Моддий маданий мерос объектларининг Давлат кадастрини ва Археологик буюмларнинг Давлат каталогини юритиш;
– маҳобатли ёдгорликлар ва ҳайкаллар лойиҳаларини, уларнинг иншоотларини қонун ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқишда Муҳофаза қилиш ва реставрация қилиш бўйича илмий-услубий кенгаш ҳамда Маҳобатли ёдгорликларни экспертизадан ўтказиш бўйича Бадиий кенгашлар ишларини ташкил қилиш;
– инспекциялар фаолиятини мувофиқлаштириш ва улар фаолияти устидан назорат қилиш;
– маданий ва археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш масалалари бўйича халқаро ва чет эл ташкилотлари билан ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиш.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.