Қулупнай ҳосили йўқ қилинган Қибрай деҳқонларининг зарарини фермер хўжалиги қоплаб беради

Ижтимоий тармоқларда Қибрай туманидаги деҳқонларнинг 9 гектарлик ерда пишган қулупнайни бульдозер билан бузишларига қаршилик қилиши акс этган видео кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Тошкент вилояти ИИББ матбуот котиби Бобур Туляганов ҳолат бўйича изоҳ берди, деб ёзади UzNews нашри.

«Ердаги ҳосилни териб олиш, ўриб ташлаш ёки буздириш ишларига ички ишлар ходимлари алоқадор эмас. Улар ўзининг хизмат бурчини бажарган», — деди у.

Қибрай тумани ҳокимлиги ҳолат бўйича расмий муносабат билдирди. , Қайд этилишича, ер майдони “Саидвали ҳожи” фермер хўжалигига тегишли бўлиб, жами  20,9 гектарлик майдоннинг 8 гектарига (9 гектар эмас) қулупнай экилган. 

Фермер хўжалиги ердан фойдаланиш учун деҳқонларга оғзаки келишувга асосан иккиламчи ижарага берган.
 

“Аммо фермер хўжалигининг ери давлат эҳтиёжлари учун қайтариб олинган, бунда олдиндан огоҳлантириш хатлари берилган. Шу муносабат билан фермер хўжалигига етказилган зарар белгиланган тартибда қоплаб берилади.

Ушбу маблағлар фермер хўжалиги ҳисоб рақамига ўтказилгандан сўнг, фермер хўжалиги билан иккиламчи ижарада фойдаланиб келган деҳқонларга келтирилган зарарни қоплаш “Саидвали ҳожи” фермер хўжалиги томонидан амалга оширилиши бўйича далолатнома расмийлаштирилган”, – дейилади хабарда.

 
Ҳокимлик келтирилган зарарни қоплаш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан қўшимча ахборот берилишини билдирди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.