2025 йилга келиб Тез ёрдам хизмати Damas автомобилларидан воз кечади

Источник: auz.uz

9 декабрь куни АОКАда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари иштирокида тез тиббий ёрдам тизимида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани давомида Республика тез тиббий ёрдам  марказининг директори Абдувоит Ғафуров 2021 йилгача ТТЁ машиналарини замонавий автомобилларга алмаштириш белгиланган бўлсада, ҳанузгача ҳудудларда Damas тез тиббий ёрдам машиналаридан фойдаланилаётганли билан боғлиқ саволга жавоб берди. Бу ҳақда UzNews нашри ёзади.

Унинг сўзларига кўра, 2021 йилда тез тиббий ёрдамда “Б” тоифали 435 та реанимобил аҳолига хизмат кўрсатган бўлса, бугунги келиб бундай замонавий санитар автоуловлар сони 541 тага етган. Жумладан, ушбу автотранспорт воситаларининг 163 таси Тошкент шаҳри, 56 таси Самарқанд, 44 таси Фарғона ҳамда 38 таси Наманган вилоятлари аҳолисига сифатли ва тезкор тиббий хизмат кўрсатмоқда.

«Шунингдек, Yunicef лойиҳаси доирасида Сурхондарё вилоятига яна 6 та Hyundai автомобили етказиб берилди. Йил якунига қадар 250 та Volkswagen caddy автомобили етказиб бериш режалаштирилган. Барча автомобилларни бирданига янгилаш жуда катта маблағни талаб қилади. Ҳозирги кунда республика бўйича 2183 та Damas автомобиллари бор. Мазкур Damas автомобиллари 2023- 2025 йилгача босқичма босқич алмаштирилади», — дея таъкидлади Абдувоит Ғафуров.

Қайд этиб ўтамиз, 2019 йилда расмийлар 2021 йилгача «Дамас» тез тиббий ёрдам машиналарини халқаро стандартларга мос жиҳозланган замонавий тез тиббий ёрдам машиналарига алмаштиришни ваъда қилган эди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.