ЕИ ва БМТТД Афғонистон фуқароларининг Ўзбекистон ҳудудида таълим олишини қўллаб-қувватламоқда
Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Европа Иттифоқининг (ЕИ) Ўзбекистондаги делегацияси ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури (БМТТД) Афғонистон фуқаролари, хусусан, аёллар ва ёшларга алоҳида эътибор қаратган ҳолда, улар учун таълим олишнинг янги имкониятларини яратиш ва мавжудларини кенгайтиришга қаратилган ташаббус билан чиқди. Касб-ҳунар таълими ва малака оширишнинг кенгайтирилган дастурлари ҳамда қисқа муддатли ўқув курслари Афғонистон фуқароларига бир қатор фанлар, жумладан, гуманитар, педагогика ва муҳандислик соҳаларида билим эгаллашга ёрдам беради. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига БМТТД маълум қилади.
Бу лойиҳа техник имкониятлар шунингдек, ушбу соҳада катта тажрибага эга малакали кадрларга эга бўлган Термиз шаҳридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) билан ҳамкорликда амалга оширилади. Марказ ўқув жараёнига Ўзбекистондаги тегишли муассасаларнинг таълим ва ўқув ресурсларини ҳам жалб қилиши мумкин.
«Европа Иттифоқи ҳозирги оғир шароитда Афғонистон халқини қўллаб-қувватлашда давом этади. 2021 йилнинг декабрь ойида Афғонистон ва қўшни давлатлардаги афғонларни қўллаб-қувватлаш учун соғлиқни сақлаш, таълим ва турмушни қўллаб-қувватлаш бўйича 268 миллион евродан ортиқ янги лойиҳалар имзоланди. Ушбу янги лойиҳа ана шу борадаги саъй-ҳаракатларнинг бир қисми ҳисобланиб, у ўзбекистонлик ҳамкорларимиз сўрови билан амалга оширилмоқда. Бу эса, ўзларига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра ўз ватанини тарк этган Афғонистон фуқароларини, қаерда бўлишларидан қатъи назар, қўллаб-қувватлаш борасида Ўзбекистон ҳукумати ва Европа Иттифоқининг юксак мақсадларини яққол акс эттиради. Умид қиламизки, бизнинг узоқ йиллик ҳамкоримиз бўлган БМТТД томонидан амалга оширилаётган бу лойиҳа Ўзбекистонда истиқомат қилаётган Афғонистон фуқароларига янги билим ва кўникмалар олишларида кўмаклашиши баробарида, уларга ўз ватанларига қайтишдан олдин турмуш шароитларини яхшилаш ва оилаларини қўллаб-қувватлашга ёрдам беради», – деди ЕИ Делегациясининг раҳбари, элчи Шарлотта Адриан.
Лойиҳа доирасида жами 345 нафар Афғонистон фуқаролари таълим грантларини қўлга киритиб, ўқишни тамомлаганидан сўнг тегишли диплом ва сертификатларга эга бўладилар. Хусусан:
- ҳозирда Марказда таҳсил олаётган афғонистонлик 145 нафар талаба, жумладан, 24 нафар хотин-қизлар таълим жараёнини давом эттиради;
- 100 нафар Афғонистон фуқароси бир йиллик техник ҳамда касбий таълим ва тайёргарлик (ТКТТ) дастури доирасида ўқитилади;
- 100 нафар Афғонистон фуқароси қисқа муддатли касбий курсларда таълим олади.
2022 йилда БМТТД томонидан амалга ошириладиган ушбу ташаббус учун Европа Иттифоқи 1 миллион евро маблағ ажратди.
Лойиҳани амалга оширишда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги асосий ҳамкор ҳисобланади. “Ўзбекистонда вақтинча истиқомат қилаётган Афғонистон фуқароларига бундай имкониятлар яратиш жуда муҳим масаладир. Бу Афғонистоннинг ёшларига ўз ҳаёт йўлини топишлари учун кўникма ва мутахассисликларни эгаллашга шароит яратади”, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Комилжон Каримов.
Ушбу ташаббус Марказ салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ва пировардида уни Афғонистон учун таълим марказига айлантириш учун имкониятлар яратади, натижада Афғонистон фуқаролари Ўзбекистондаги кўплаб университетлар, институтлар ва коллежларнинг таълим хизматларидан фойдаланишлари мумкин бўлади. Шунингдек, Марказ Европа Иттифоқи билимлар марказини очиш ва унда онлайн масофавий ўқитиш воситасини ишга тушириш учун платформага ҳам айланади.
«Бугун биз илгари сураётган ташаббус Афғонистон фуқароларини иш билан таъминлаш имкониятларини кенгайтириш, уларнинг Ўзбекистонда фаол ижтимоий-иқтисодий ҳаётга интеграциялашуви учун зарур билим, кўникма ва малакалар бериш билангина чекланиб қолмайди. Бу Ўзбекистон жанубидаги ҳудуд аҳолисининг барқарорлиги ва турмуш даражасини оширишга қаратилган анча кенг ва тизимли саъй-ҳаракатлар бўлиб, улар минтақадаги ижтимоий ҳамжиҳатлик ва барқарор ривожланишга ҳисса қўшади. Биз Сурхондарё вилоятини ҳар томонлама, аҳоли манфаатларини кўзловчи ва инклюзив ҳудудий ривожланишга қаратилган ёндашувимиз фойдали бўлишига умид билдирамиз», – дея қайд этди БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска тадбирнинг очилиш маросимида.
Шарҳлар