Расмларни тарқатмаслик эвазига пул талаб қилган инстаграмдаги қиз аслида эркак бўлиб чиқди

Фото: Киберхавфсизлик хизмати

Қорақалпоғистон Республикаси, Нукус шаҳрида яшовчи (аёл) К.Р. ва (аёл) П.Л. ИИОга мурожаат қилиб, “aiaulim.04.04” номли профил эгаси вояга етмаган мактаб ўқувчиларининг сир сақланиши лозим бўлган маълумотларини ошкор қилиш билан қўрқитиб, ундан пул талаб қилаётганлигини маълум қилган.

Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Қорақалпоғистон Республикаси, Нукус шаҳрида яшовчи 27 ёшли Ж.А. содир этганлиги аниқланган.

Гумонланувчи сифатида тергов ҳаракатларига жалб этилган Ж.А., вояга етмаган жабрланувчилар (қиз) С.А. ва (қиз) Ю.Е.ларга ўзини қиз бола сифатида таништириб, уларнинг ишончига кирган  ва қизларнинг бир нечта сир сақланиши лозим бўлган шахсий фотосурат ва видеоларини қўлга киритган. Сўнг  Ж.А. уларни тарқатиш билан қўрқитиб, эвазига 300 АҚШ доллари миқдорида пулларни талаб қилиб, мазкур пулларни олаётган вақтида ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тезкор-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “а” бандидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.