Bo'limsiz

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги: Ҳиндистон томонидан шоли экспортининг тўхтатилиши Ўзбекистон бозорига салбий таъсир кўрсатмайди

Фото: Anhor.uz

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда гуруч тақчиллиги юзага келиши сабаб унинг нархи кескин ошиши кутилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Хабарларда бунга сабаб Ҳиндистон Ўзбекистонга гуруч экспортни камайтириб юборгани айтилади. Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мазкур хабарларга муносабат билдирди.

Вазирликнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда ҳар йили 100 минг гектардан ортиқ майдонда шоли етиштирилади. Республика шароитида аҳоли жон бошига йилига ўртача 9,8 кг шоли тўғри келади. Яъни, республика аҳолисини гуруч маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлаш учун 353 минг тонна шоли захираси зарур.

2022 йилда 105,8 минг гектар майдонга 516,9 минг тонна шоли экилиб, ундан 310 минг тонна соф ҳосил олинган. Шундай қилиб, гуруч аҳоли эҳтиёжидан 43 минг тоннага кам ишлаб чиқарилади.

Таҳлилларга кўра, 2023 йилда Ўзбекистонга 53,5 минг тонна гуруч импорт қилинган, бу аҳоли эҳтиёжидан 10 минг тоннага кўпдир. Гуруч импорти Қозоғистондан 29,3 минг тонна (54,7%), Покистондан 23,2 минг тонна (43,3%), Таиланддан 599 тонна (1,1%), Туркиядан 265 тонна (0,5%), Ҳиндистондан 126 тонна (0,2%) ва бошқа мамлакатлардан 21,1 тоннани (0,02%) ташкил этган.

 «Сўнгги 5 йилда Ҳиндистондан жами 232,6 тонна гуруч импорти амалга оширилганҲиндистоннинг бошқа мамлакатларга гуруч экспортини тўхтатиши Ўзбекистонга ўз таъсирини кўрсатмайди», –дейилади вазирлик хабарида.

Бугунги кунда Ўзбекистон бозорларида гуручнинг 1 килограмм нархи навига қараб 11500 сўмдан 25000 сўмгача (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 35,2 фоизга қимматлашган). Жумладан, «Авангард» гуруч нави 11500-17500 сўм, Аланга нави 16000-18500 сўм, Лазер нави 19500 сўмдан 25000 сўмгача сотилмоқда.

Жаҳон бозорида июнь ойи ҳолатига кўра, 1 кг гуручнинг ўртача нархи 1,93 долларни ташкил этади. Энг паст нарх Тунисда – 0,52 доллар, энг юқориси – Сербияда (1 кг учун 4,84 доллар) қайд этилган.

Вазирлик барча бозорлар гуруч билан узлуксиз таъминланаётгани, захиралар етарли эканлигини таъкидлади.

«Аҳолини турли ижтимоий тармоқлардаги гуручни нархини ошиб кетиши асоссиз тарғиб қилишидан огоҳ бўлишга, бу фақатгина сепекулятив ҳолат ёки гуруч нархини асоссиз оширишга ҳаракатларни амалга оширишга туртки бўлаётганлигини маълум қиламиз», – дейилади хабарда.

Қайд этамиз, мамлакатимиз бозорларидаги нархлар таҳлилига кўра, 17 июль куни гуруч 16 минг сўмдан, 24 июль куни эса 22 минг сўмдан сотилган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.