Нукус давлат педагогика институтининг ўқув биноларини қуриш ва таъмирлаш жараёнида 12,7 миллиард сўм талон-тарож қилинган

Источник: УзА

Президент қарорига кўра, 2018-2021-йилларда Нукус давлат педагогика институтининг ўқув биноларини таъмирлаш ва реконструкция қилиш учун 54,3 миллиард сўм йўналтирилди. 2018-йилда ўтказилган қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича тендерга кўра “Jayhun Universal Qurilish” МЧЖ ғолиб деб топилган. Бу ҳақда ЎзА ёзади.

“Аммо, зарур маблағлар давлат бюджетидан тақсимланганига қарамай пудратчи «Jayhun Universal Qurilish» МЧЖ ва буюртмачи ҳисобланган Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси мансабдор шахслари ўзаро тил бириктирган ҳолда, тегишли ҳужжатларни сохталаштириш йўли билан 12,7 млрд. сўм миқдордаги пул маблағларини талон-тарож қилишган.”, — дейилади хабарда.

Аниқланган ҳолат юзасидан жиноятчи шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 167 ва 209-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бошқа ҳолатда эса буюртмачи «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ инжиниринг компанияси Қорақалпоғистон филиали ва 7 та пудратчи ташкилотлар мансабдор шахслари ўзаро тил бириктириб, 2020 йилда Қорақалпоғистон Республикасида кўп қаватли уй-жойлар қуриш учун ажратилган бюджет маблағининг 17,5 млрд. сўмини талон-тарож қилгани аниқланди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ҳам қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.