Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки 200 миллион доллар ажратади

Источник: Министерство инвестиций и внешней торговли Узбекистана

Вазирлар Маҳкамаси “Коронавирус пандемияси даврида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Осиё инфратузилмавий инвестициялари банки кредит линиясини жалб қилиш ва ундан фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни қабул қилди, деб ёзади “Норма” нашри.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ва Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки ўртасида Осиё инфратузилмай инвестициялар банкидан умумий қиймати 200 миллион долларлик кредит линиясини жалб қилиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.

ОИИБ кредит линияси давлат кафолати остидаги бир неча траншларга асосланади, ҳар бир транш беш йил муддатга икки йиллик имтиёзли давр, олти ойлик Libor плюс 0,65% йиллик фоиз ставкаси билан амалга оширилади. ОИИБнинг дастлабки ташкилий комиссияси ва кредит линиясининг фойдаланилмаган қисми учун йиллик комиссия 0,25% ни ташкил қилади.

Маблағлар коронавирус пандемиясидан жабр кўрган корхоналарни қўллаб-қувватлаш, уларни айланма маблағлар билан таъминлаш ва ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, жумладан, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, улгуржи ва чакана савдо, умумий овқатланиш ва транспорт соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилади.

Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ОИИБ кредит линиясининг қарз олувчиси ва кредит маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун масъул ижро этувчи орган ҳисобланади.

Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига ОИИБ томонидан жалб қилинган маблағларни қайтариш билан боғлиқ харажатлар, жумладан, фоизлар, дастлабки бир марталик ташкилий комиссия ва мажбурият бўйича комиссияни тўлаш, шунингдек, бошқа харажатларни ўз ҳисобидан тўлаш тавсия этилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.