Сенаторлар қандай қонунларни кўриб чиқишди

Источник: Сенат Олий Мажлиса

Олий Мажлис Сенатининг 24-ялпи мажлисида қатор қонунлар маъқулланди. Хусусан, сенаторлар “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини маъқуллади.

Қонун билан банкларнинг айрим турдаги молиявий операцияларини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган микрокредит ташкилотлари, ломбардлар ва ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари фаолиятини тартибга солувчи нормалар тизимлаштирилмоқда. Таъкидланганидек, бугунги кунда нобанк кредит ташкилотлари фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тарқоқ бўлиб, ушбу ташкилотларни ташкил этиш ва уларнинг фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи, тўғридан-тўғри амал қилувчи нормаларни ўз ичига олган яхлит қонун ҳужжати мавжуд эмас.

Қонун билан нобанк кредит ташкилотлари фаолиятининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда улар томонидан амалга ошириладиган (кўрсатиладиган) молиявий операциялар (хизматлар) рўйхати белгиланмоқда.

Ялпи мажлисда “Органик маҳсулотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни муҳокама қилинди ва маъқулланди.

Ҳужжат органик маҳсулотлар (органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, транспортда ташиш, тамғалаш ва реализация қилиш, шунингдек мувофиқликни баҳолаш ва авторизациялаштириш) соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.

Қонунда органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган бўлиб, унга мувофиқ улар ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, транспортда ташиш ва реализация қилиш чоғида ўз фирма номидан, товар белгисидан ва хизмат кўрсатиш белгисидан фойдаланиш, органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, транспортда ташиш ва реализация қилиш учун зарур бўлган хизматлар (ишлар) турларини, шу жумладан мувофиқликни баҳолаш органларини ва маслаҳат хизматлари кўрсатувчи ташкилотларни мустақил равишда танлаш ҳуқуқига эга.

Сенаторлар шунингдек “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига қийноққа солишдан жабрланганларга етказилган зарарни қоплаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни маъқуллади.

Сенат “Реклама тўғрисида”ги Қонунни янги таҳрирда маъқуллади. Қонунда реклама берувчининг, реклама тайёрловчи ва тарқатувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган. Шунингдек, ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) ўрнатиш чизмаси шаҳарсозлик режалаштириш ҳужжатларига мувофиқ бўлиши ҳамда мавжуд биноларнинг ташқи меъморий қиёфасига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига, хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаши керак. Хусусан, ташқи реклама ва ахборот объектларини ўрнатиш чизмаси ҳамда унга киритиладиган ўзгартиришлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг расмий сайтларида эълон қилиниши лозим.

Дарсликлар ва дафтарларда реклама жойлаштириш, реклама нархларини хорижий валютада кўрсатиш, ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид келувчи шакл, ибора, ва образлардан фойдаланиш, товарнинг асосий хусусиятлари тўғрисидаги маълумотларни истеъмолчидан яшириш тақиқланмоқда.

Шунингдек, вояга етмаганларни хавфли вазиятларда кўрсатиш, ота-оналар ва тарбиячиларни обрўсизлантириш, вояга етмаганларнинг уларга бўлган ишончига путур етказиш, вояга етмаганлар олиши ёки истеъмол қилиши тақиқланган товарларни телеканалларда, вояга етмаганлар учун мўлжалланган телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришларда реклама қилиш тақиқланмоқда.

Эндиликда таниқли шахсларнинг, тиббиёт ходимларининг ёки ташқи кўриниши шифокорларнинг ташқи кўринишига ўхшаш шахсларнинг иштирокидан фойдаланиш тақиқланади.

Телеканаллар эфирида тарқатилаётган рекламанинг умумий давомийлиги кўрсатув вақтининг бир соати давомида йигирма фоиздан, бироқ бир суткада кўрсатув вақтининг ўн беш фоизидан ошиши мумкин эмас. Давомийлиги ўн дақиқадан кам бўлган телекўрсатувларни реклама билан узиб қўйишга ва реклама билан бирга намойиш этишга йўл қўйилмайди.

Сенаторлар “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни рад этилди. Жиноят кодексининг 133-моддаси биринчи қисмига киритилаётган ўзгартишларга асосан инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олиш ҳамда трансплантация қилишнинг белгиланган шартлари ва тартибини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.

Бироқ ушбу кодекс 133-моддаси бириничи қисмининг амалдаги таҳририда шахс тириклигида унинг розилигини олмасдан туриб ёки ўлганидан кейин яқин қариндошларининг розилигисиз илмий ишлар ёхуд таълим ишлари учун трансплантация қилиш ёки бузилмайдиган ҳолда сақлаш (консервация) мақсадида мурданинг аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Кодексга киритилаётган ўзгартишларга асосан эндиликда инсон ўз аъзоларини илмий ишлар ёхуд таълим ишлари учун трансплантация қилишга розилик берган тақдирда ёки бундай розиликни унинг вафотидан сўнг яқин қариндоши берганда ҳам бундай ишлар учун жиноий жавобгарлик келиб чиқиши мумкин. Шу сабабли, Жиноят кодекси 133-моддасининг биринчи қисмини қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.

Юқори палата аъзолари “Корпоратив бошқарув тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун хужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунни маъқуллади. Ҳужжат билан Қимматли қоғозларнинг марказий депозитарийсига Марказий банкда ҳам ҳисобварақ очиб, қимматли қоғозларнинг уюшган савдосида қимматли қоғозларга доир битимлар натижалари бўйича пул маблағларининг ҳисоб-китобларини амалга ошириш ҳуқуқини берилишини кўзда тутувчи “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги ва “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартишлар киритилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.