Сурхондарёнинг сел-сув тошқинларидан талофат кўрган ҳудудларида ҳашар ишлари бошланди

Ҳашар ишлари
Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги

Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов топшириғига мувофиқ Қумқўрғон туманининг сел-сув тошқинларидан талофат кўрган “Элобод”, “Янгишаҳар”, “Боғаро” ва “Азларсой” маҳалларидаги 61 та кўча шаҳар, туманлар ҳамда корхона ва ташкилотларга бириктирилди. Ҳудудлардан 10 мингга яқин ҳашарчи, 200 дан ортиқ юк машиналари, 100 га яқин махсус транспорт воситалари, 50 та мотопомпа воситалари жалб қилинди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигининг матбуот хизмати хабар беряпти.

“Ҳашар ишлари аввалида вилоят раҳбари мутасаддилар, шаҳар ва туманлардан жалб қилинган кўнгиллилар билан учрашиб, аҳоли яшаши учун зарур шароитларни яратиш ва талафот кўрган ҳудудларни обод масканга айлантириш бўйича белгилаб олинган чора-тадбирлар билан таништирди”, – дейилади хабарда.

Бугуннинг ўзида 130 дан ортиқ хонадон лойқа сувлардан тозаланди, 12 км ички йўллар тошланди, 3 мингдан ортиқ объект ҳамда 2,5 мингга яқин сув ҳовузлари дезинфекцияланди. Аҳоли қаромоғидаги 100 дан ортиқ чорва моллари хавфсиз ҳудудларга ўтказилиб, ветеринария хизмати кўрсатилди. Тозаланган ва тартибга келтирилган кўчалар бўйлаб, 1 мингдан ортиқ, мавсумга мос дарахт ва бута кўчатлари ўтқазилди.

Айни вақтда Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Миллий гвардия бошқармалари бошлиқлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари раҳбарлигида бириктирилган кўчалар бўйлаб, тозалаш-таъмирлаш, ободонлаштириш, кўчаларни тартибга келтириш ва дарахт кўчатлари экиш ишлари давом этмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.