Тошкентнинг турли овоз бериш участкаларида қоидабузарликлар кузатилган

Фото: Anhor.uz

Тошкентдаги бир қатор референдум участкаларида овоз бериш жараёнида қатор қоида бузилиши ҳолатлари қайд этилмоқда. Энг кўп кузатилаётган ҳолат — бу анъанавий равишда оила аъзолари ўрнига овоз беришдир, деб ёзади «Газета.uz» нашри.

Шунингдек, эр-хотин участкага бирга келиб, улардан бири бошқаси учун ҳам бюллетенни тўлдириши ҳолатлари ҳам мавжуд. Комиссия аъзолари овоз берувчидан биттадан кўпроқ бюллетень топширгани, улар эса берилган бюллетенларнинг барини тўлдириб, урнага ташлаши ҳолатлари ҳам кам эмас. Мухбирларнинг огоҳлантиришларидан сўнг комиссия раислари уларга миннатдорчилик билдириб, чора кўришга ваъда бермоқда.

Мухбирлар участкалардаги кузатувчиларнинг сустлигини ҳам таъкидламоқда. Аксарият кузатувчилар вазиятни тўлақонли кузатиш имкони бўлмаган стол олдида шунчаки ўтирибди. Тонгда кўплаб участкалардаги кузатувчиларнинг столлари ё бўш, ёки партиялардан таклиф қилинган бир-икки кузатувчи бор эди, холос.

Соат 11:00 да журналистлар олдида ҳисобот берган ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев ҳам шу вақтгача ИИВ референдумда овоз бериш жараёнида қоида бузилиши ҳолатлари юз бергани ҳақида маълумотлар келиб тушмаганини билдирди. Овоз бериш жараёнидаги қоида бузилиши ҳолатлари ҳақида МСКнинг 1200 қисқа рақами ёки ички ишлар органларининг 102 рақами орқали хабар бериш мумкин.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.