Татаристон ҳукумати ўсмирларни 14 ёшдан мудофаа заводларида ишлашга жалб этмоқчи

Foto: DW

Татаристон ҳукумати мудофаа мажмуаси корхоналарида ишлашга ёшлар ва ўсмирларни 14 ёшдан жалб қилишни режалаштирмоқда, деб ёзади Meduza.

Республика ҳукумати томонидан тайёрланган ёшлар бандлигига кўмаклашиш дастури лойиҳасига кўра, 14—18 ёшдаги ўсмирлар учун ишга жойлашиш тартиби соддалаштирилади ва уларга ўқишдан бўш вақтларида заводларда ишлашга рухсат берилади.

Дастур муаллифлари таъкидлашича, Татаристонда ёш ишчилар етишмовчилиги кузатилмоқда. Бунга 1990 йилларда туғилиш даражаси пасайиб кетиши, шунингдек, ҳозирги пайтда ёшлар ишлашдан кўра умумий, ўрта, касбий ва олий таълим дастурлари бўйича таҳсил олишни афзал кўраётгани сабаб қилиб келтирилган.

Татаристон ҳукумати қайд этишича, янги ташаббус амалга оширилган тақдирда, 15—29 ёшдаги ёшлар орасидаги ишсизлик даражаси 7 фоизгача пасаяди (бу кўрсаткичнинг ҳозирги даражасига аниқлик киритилмаган).

Нашр эслатишича, 2023 йилда Татаристон парламенти ўсмирларга 16 ёшдан зарарли ва хавфли ишлаб чиқариш корхоналарида ишлаш учун рухсат берадиган тузатишларни тайёрлаган эди. Жамоатчилик томонидан кенг кўламли танқидлардан сўнг ҳужжат кўриб чиқишдан олиб ташланди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.