Украина мудофааси ракеталарнинг бор-йўғи 30 фоизини уриб туширмоқда. Унинг самарадорлик кўрсаткичи кескин тушиб кетган

Foto: AP

Украина ҳаво ҳужумига қарши мудофааси сўнгги бир ой ичида Россия қўшинлари томонидан учирилган ракеталарнинг бор-йўғи 30 фоизини уриб туширишга муваффақ бўлган, деб ёзади The Wall Street Journal.

Шу билан бирга, ўтган ярим йил ичида Украина ҳаво ҳужумига қарши мудофаа кучлари ракеталарнинг ўртача 46 фоизини уриб туширган, ундан аввалги ярим йиллик учун кўрсаткич эса 73 фоизни ташкил қилган.

Йўқ қилиш осонроқ бўлган дронлар борасида эса ҳаво ҳужумига қарши мудофаа самарадорлиги сезиларли ўзгармаган — сўнгги ярим йилда 1 фоизга пасайиб, 82 фоизга тушган, холос.

Нашр ёзишича, Россия қўшинлари Украинага ракета ва дронлар билан зарбалар шиддатини ярим йил ичида 45 фоизга оширган. Шундай ҳолат фонида Украинада бундай ҳужумларга қарши уларнинг энг яхши ҳимояси ҳисобланган Patriot тизимлари учун ўқ-дорилар тугамоқда.

АҚШ ва Украинанинг Европадаги иттифоқчилари УҚК ҳимоя учун зарур нарсаларни қўлга киритиши учун қўлидан келганича ҳаракат қилмоқда. WSJ’нинг Европа ҳарбий разведкасидаги манбасига кўра, ўқ-дорилар ва ҳимоя тизимлари етиб келгунига қадар украиналик ҳарбийлар икки ойча амаллаб туриши керак.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.