Афғонистонлик учувчилар Ўзбекистондан БААга учиб кета бошлади

Источник: Reuters

АҚШда таҳсил олган афғон учувчилари ва бир ойга яқин Ўзбекистондаги лагерда бўлиб турган бошқа хизматчилар якшанба куни мамлакатни тарк эта бошлади. Бу ҳақда Reuters  агентлигига учувчилардан бири маълум қилди.

Биринчи гуруҳ, дастлаб, Бирлашган Араб Амирликларига йўл олади, деди исмини ошкор қилмаслик шарти билан учувчилардан бири.

Reuters илгари лагердаги кескинлик ҳақида хабар берган эди, чунки учувчилар Афғонистонга қайтариб юборилиши ва Толибон томонидан ўлдирилиши борасида хавотир бор эди.

46 та самолёт, жумладан, А-29 енгил қирувчи самолёти ва Афғонистон учувчилари Ўзбекистонга учган UH-60 Black Hawk вертолётлари билан нималар бўлиши номаълум эди. АҚШнинг ҳозирги ва собиқ расмий амалдорлари агентликка айтишича, толиблар Ўзбекистонга самолёт ва ходимларни уларга топшириши борасида босим ўтказган.

АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Жон Хёрбст АҚШнинг эвакуация қилиш ҳаракатларини олқишлади ва АҚШнинг афғон учувчиларидан қарзи борлигини айтди.

“Улар мамлакатдан олиб чиққан самолётлар АҚШга қайтарилишига ва Толибон қўлига тушмаслиги учун бизда режа борлигига умид қиламан”, дейди у.

Толибон агентликнинг Ўзбекистондаги вазиятга изоҳ бериш талабига жавоб бермади.

Аввалроқ, Толибон собиқ ҳарбий хизматчиларни мамлакатнинг янгиланган хавфсизлик кучлари сафига таклиф қилишларини ва уларга зарар етказилмаслигини айтган эди.

“Reuters агентлиги билан гаплашган афғон учувчиларининг сўзларига кўра, бу таклиф сохта янграган. Толибон ҳокимиятга келгунга қадар ҳам уларнинг асосий нишони АҚШда ўқиган инглиз тилида сўзлашувчи учувчилар эди. Толибон жангарилари бир нечта учувчининг изига тушиб, ўлдирган”, – дейилади агентлик хабарида.

Аввалроқ, учувчилар ўзларини Термиздаги лагерда маҳбуслардек ҳис қилаётганини айтишган, уларнинг сўзларига кўра, озиқ-овқат ва дори -дармонлар етишмаган.

“Тахминан бир ҳафта олдин АҚШ расмийлари мамлакатдан ҳеч қандай юк ва ҳужжатларсиз қочган афғонларнинг биометрик текширувини ўтказиш учун келишганда, умид қайта уйғона бошлади “, – дея хулоса қилади агентлик.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.