JICA ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 6,9 млн долларлик грант келишувини имзолади

Источник: JICA

1 февраль куни Япония Халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Қорақалпоғистон Тиббиёт институти ҳузуридаги инновацион клиникада тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш лойиҳаси” бўйича 794 млн япон иенаси (тахминан 6,9 млн АҚШ доллари) миқдорида грант келишувини имзолади. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига JICA ваколатхонасида маълум қилишди.

Грант келишувининг имзоланиши  Қорақалпоғистон Тиббиёт институти ҳузуридаги инновацион клиникага тиббий ускуналар етказиб бериш бўйича процедураларни бошлаб берди.

Айни пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2021 йил сентябрь ойида очилган Қорақалпоғистон Тиббиёт институти ҳузуридаги инновацион клиника биноларида қурилиш ва таъмирлаш ишларини якунлаган. Инновацион клиника 120 ўринга мўлжалланган Қорақалпоғистоннинг асосий таълим базаси ҳисобланади.

«Қўшма лойиҳа Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини 2019-2025 йилларда ривожлантириш концепциясига мувофиқ амалга оширилмоқда. Унинг мақсади мамлакатда аҳоли соғлиғини сақлаш ва мустаҳкамлашни таъминлайдиган сифатли соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш ҳамда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида соғлом авлодни тарбиялаш учун шароитлар яратишдан иборат. Шунингдек лойиҳа тиббий кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг самарали  тизимини шакллантиришга ҳамда тиббиёт фанини ривожлантиришга кўмаклашади», – дея қайд этади JICA вакиллари.

Грант келишуви имзоланганидан кейин Соғлиқни сақлаш вазирлиги лойиҳанинг ижрочи агентлиги сифатида ва Японида танланадиган консультант  консалтинг хизматларини кўрсатиш (лойиҳа ва тендер ҳужжатларини тайёрлаш, тендер таклифларини баҳолаш, пудратчи ва етказиб берувчи билан шартномалар, ускунани харид қилиш, етказиб бериш, монтаж қилиш, ускунадан фойдаланилишини ва унга хизмат кўрсатилишини назорат қилиш ва ҳ.к.) тўғрисидаги шартномани имзолайди

JICA кўмагида етказиб берилган тиббий ускуналар, шу жумладан симуляция маркази учун ўқув ускуналари асосий касалликларга ташҳис қўйиш, даволаш ва олдини олиш, соғлиқни сақлашнинг илғор методлари ва технологияларини жорий этиш қисмида ихтисослашган юқори технологик тиббий ёрдам сифатини ошириши (режали операциялар, терапия, кардиология, оториноларингология) кутилмоқда. Шунингдек бу Қорақалпоғистондаги тиббий муассасалар кадрлар салоҳиятини сифатли ривожлантиришга ҳам ўз ҳиссасини қўшади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.