Мамлакатнинг мустақиллик байрами “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида нишонланади

Фото с сайта darakchi.uz

Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 31 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида президент қарори қабул қилинди, деб ёзади UzNews нашри ЎзАга таянган ҳолда.

Мустақиллик байрамини ўтказиш “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини кўзда тутади.

Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш бўйича республика комиссиясига барча ҳудудларда аҳолининг кенг қатламлари ўртасида Мустақиллик байрамига бағишлаб маърифий учрашувлар, очиқ мулоқот ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, долзарб мавзулар бўйича фикр алмашувлар, маданий тадбирларни самарали ўтказиш мақсадида таниқли илм-фан намояндалари, ижодкор зиёлилар, маданият ва санъат арбобларидан иборат тарғибот гуруҳларини ташкил этиш ҳамда уларнинг аниқ режа асосида фаолият олиб боришини йўлга қўйиш топширилди.

Тадбирларни ўтказишда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилади:

– сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган туб демократик ислоҳотлар, халқимизнинг ҳаёти, қалби ва онгида юз бераётган ижобий ўзгаришларни таъсирчан усулларда ифода этиш;

– мамлакатимизда турли миллат ва диний конфессия вакиллари ўртасида аҳиллик ва тотувлик муҳитини янада кучайтириш, жамиятда тинч ва осойишта ҳаётни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг аҳамиятини чуқур таҳлиллар, аниқ ҳаётий мисоллар ёрдамида кенг жамоатчиликка етказиш;

– бугунги тинч ва эркин ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга, инсон қадрини улуғлашга даъват этадиган маънавий-маърифий тадбирларни уюштириш;

– аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, ёшлар, хотин-кизлар, кекса авлод вакиллари, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишга қаратилган дастурларимизнинг ижобий натижаларини кўрсатиш;

– байрам муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари, кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирларини амалга ошириш.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.