Ўзбекистон ҳудудларида истиқомат қилувчи 20 нафар қиз стратосферага наносунъий йўлдошни учирди

Источник: ЮНИСЕФ

2022 йил 8 май куни Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан 20 дан ортиқ қиз, UniSat таълим (Uni – ЮНИCEФ, Sat – сунъий йўлдош) дастури иштирокчилари стратосферага ўзлари ясаган  нанойўлдошни учирдилар. Ўзгидромет мутахассислари кўмагида қизлар тўпланган метеорологик маълумотларни таҳлил қиладилар, дея хабар беради ЮНИСЕФ.

Навоий вилояти ўзининг мос ландшафти, ундаги кўплаб инновацион ва технологик лойиҳалар амалга оширилаётгани туфайли учириш майдони сифатида танланди. Учириш аэронавигация хизматлари мутахассислари назорати остида бўлиб ўтди, чунки кўрсатмаларга кўра, учириш жойи устида самолётлар парвози учун осмонни “ёпиш” талаб этилади. Нанойўлдош стратосферада тахминан 2 соат бўлди ва 11,6 км баландликка кўтарилди.

Манба: ЮНИСЕФ

Бундан аввал 15-26 ёшдаги 188 нафар ўзбекистонлик қизлар кодлаш, муҳандислик ва маълумотларни таҳлил қилиш бўйича 4 ойлик онлайн курсни тамомладилар. 20 нафар энг яхши академик натижаларга эришган қизлар Қирғизистон ва Қозоғистон вакиллари бўлган тенгдошлари билан биргаликда Алмати шаҳрида нанойўлдошни йиғиш, учириш ва олинган маълумотларни таҳлил қилиш бўйича 10 кунлик амалий семинарда қатнашдилар.

«Инноватсиялар ва технологиялардан фойдаланиш ёшларнинг имкониятларини кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга. Қизларни STEM бўйича қўллаб-қувватлаш улар ҳар қандай соҳада муваффақиятга эришишлари мумкинлигига ишончларини ошириш учун муҳимдир. Бугун биз тарихий лаҳзанинг гувоҳи бўлиб турибмиз – 20 нафар қиз ўз илмий ишланмаларини илгари сурди ва гендер стереотипларидан озод жамият қуриш сари қадам ташлади», –  деди ЮНИCEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде.

“Нанойўлдошнинг учирилиши ва олинажак маълумотларнинг таҳлили қизларимиз учун муҳим қадам бўлди, – дейди Инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари Шаҳло Турдиқулова“Фан, технология ва маълумотлар таҳлили соҳасида карьера имкониятлари чексиздир ва биз Ўзбекистон қизларини STEM йўналиши бўйича касб танлашга, илмий изланишлар ва тажрибалар ўтказишга ҳамда ўз олдига улкан мақсадлар қўйишдан қўрқмасликка чақирамиз”.

ЮНИCEФ, Tech4Impact ННТ ва Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирлиги барча қизларни келажак ҳақидаги орзуларига эришиш учун рақамли имкониятлардан фойдаланиш имкониятини таъминлашда қўллаб-қувватлайди.

«UniSat — шунчаки лойиҳа эмас. Бу билим. Бу инсонлар. Бу рағбатлантириш», – дейди лойиҳа иштирокчиси Диёра Даминова (17 ёш).

Бошқа қизлар ҳам UniSat Uzbekistan дастурининг иштирокчиси бўлиши мумкин. Дастурнинг кейинги босқичига аризаларни қабул қилиш 2022 йил кузда бошланади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.