«Адолат» партияси ва «Юксалиш» ҳаракати маҳаллий ишчиларни ҳақоратлаган “Лукойл” компанияси ходимига нисбатан чора кўрилишини талаб қилмоқда

«Адолат» партияси ва «Юксалиш» ҳаракати маҳаллий ишчиларни ҳақоратлаган “Лукойл” компанияси ходимига нисбатан чора кўрилишини талаб қилмоқда

13 ноябрь куни “Алодат” Ўзбекистон социал-демократик партияси «LUKOIL UZBEKISTAN OPERATING COMPANY» компаниясининг амалдори – Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманидаги “Жарқудуқ” газ тайёрлаш мажмуида фаолият кўрсатувчи бош энергетик Иван Шиловнинг ҳаракатларидан хавотирда эканини билдирди.

Партия матбуот хизмати томонидан чоп этилган баёнотда “инсон қадр-қимматини камситувчи” вазият бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг изоҳлари сўралмоқда.

Партия берган баёнотда айтилишича, бу Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасига зиддир.

«“Адолат” социал-демократик партияси видеога олинган вазият бўйича тергов ўтказиш, ўз хизмат ваколатларидан ташқарига чиққан амалдорнинг жиноий ёки маъмурий жавобгарлигини муҳокама қилиш ҳамда жамоатчиликни бунинг натижалари ҳақида харбардор қилиш зарурлигини таъкидлайди», – дейилади баёнотда.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ўз хизмат вазифаларини бажаришда хато ва камчиликларга йўл қўйган масъул ходимга нисбатан қонуний тартибда жазо чораларини кўриш зарур деб ҳисоблайди. Муайян шахслар гуруҳини, улар миллий ёки этник мансублиги сабабларига кўра, ҳақорат қилиш ёки камситишга йўл қўйилмаслиги керак, дея қайд этилади баёнотда.

«Бунинг устига, Ўзбекистонда тарихан миллатлараро уйғунлик ва халқлар орасида дўстона муносабатлар шаклланган. Толерантлик – бу ўзбек халқининг буюк қадрияти», — таъкидлайди ҳаракат.

Шу муносабат билан «Юксалиш», компания раҳбарияти яқин вақт ичида жамоатчиликни келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш имкони ҳақида, шунингдек ушбу конкрет воқеа иштирокчисига қарши қабул қилинган чоралар ҳақида хабардор қилиши керак деб ҳисоблайди. «Ахир инсон қадр-қиммати ва ор-номуси Ўзбекистон қонунчилиги ва халқаро нормаларга мувофиқ олий қадрият ҳисобланади», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, «Лукойл»  компаниясининг ходими Қашқадарё вилоятида маҳаллий ишчиларни ҳақоратлаган. Компания матбуот хизмати эса ушбу факт бўйича текшириш ишлари олиб борилаётгани ва “Ҳозирча бирор-бир чоралар ҳақида гапириш эрта” экани ҳақида маълум қилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.