МСК Путинни президентликка номзод сифатида рўйхатдан ўтказди

Фото: РБК

Марказий сайлов комиссияси Владимир Путинни 2024 йил мартида бўлиб ўтадиган сайловларда Россия президенти лавозимига номзод сифатида рўйхатга олди.

Путинни қўллаб-қувватловчи 60 минг имзодан атиги 0,15 фоизи яроқсиз деб топилди, 5 фоизида нуқсонлар бўлиши мумкин. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Комитет-2024” ҳаракати фаоллари Путин учун имзо тўплашдаги қонунбузарликлар юзасидан Марказий сайлов комиссиясига 300 дан ортиқ ариза билан мурожаат қилгани маълум бўлган эди. Бу мурожаатлар кўриб чиқилмади.

Россия президентлигига сайловлар баҳорда бўлиб ўтади ва илк бор кўп кунлик бўлади. Овоз бериш уч кун, 15 дан 17 мартгача давом этади. Декабрь ойи бошида Федерация Кенгаши Россия Федерациясида президентлик сайловларини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди. Айни пайтда сайловолди ташвиқоти очилган. Владимир Путин 2024 йилги сайловларда ўз-ўзини кўрсатган номзод сифатида иштирок этиш учун Марказий сайлов комиссиясига биринчи бўлиб ҳужжатларни топширди.

Бундан ташқари, Марказий сайлов комиссияси яна 198 кишини Путиннинг ишончли вакили этиб бир овоздан тасдиқлади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.