ДХХ ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тизимида порахўрликка чек қўйди

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тизимидаги қатор қонунбузарликларга чек қўйди. Бу ҳақда ушбу идоранинг матбуот хизмати хабар беради.

Жиззах вилоятидаги туман прокурорларидан бири таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари билан шуғулланувчи давлат унитар корхонасининг мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида ўтаётган қурилиш фирмаси раҳбарига қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўлламаслик ҳамда мазкур фирмада аниқланган камомад миқдорини камайтириб кўрсатиш эвазига ундан 2 минг АҚШ доллари сўраб, муқаддам ушбу пулдан 1200 долларини олган.

ДХХнинг Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда туман прокурори ўз хизмат хонасида пулнинг қолган 800 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Самарқанд вилоятидаги туман прокурорларидан бирининг ўринбосари моддий манфаатдор бўлиш мақсадида, маҳаллий фермер хўжалиги раҳбарига нисбатан суд томонидан тайинланган 3 йил озодликни чеклаш жазосини бошқа оғирроқ жазо турига ўзгартириш учун протест киритиб, суднинг апелляция босқичи жараёнида ҳукмни ўз кучида қолдириш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилади.

ДХХнинг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ушбу сўралган пулни прокурор ўринбосарининг топшириғига кўра, унинг воситачиси олган вақтида ушланди. Туман прокурори ўринбосарининг бу ишга алоқадорлиги унинг воситачиси берган кўрсатма ҳамда ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари доирасида тўпланган ашёвий далиллар асосида тўлиқ тасдиғини топди.

Наманган вилоятидаги туманлардан бирининг Мажбурий ижро бюроси раҳбари маҳаллий фуқаронинг Қирғизистон Республикаси Жалолобод давлат университетидаги ўқишини Андижон давлат тиббиёт институтига кўчиришда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидаги танишлари орқали ёрдам беришини айтиб, бунинг эвазига 700 АҚШ доллари сўрайди ва муқаддам ушбу пулдан 300 АҚШ доллари ҳамда 1 млн. 50 минг сўм олади.

У сўралган пулнинг қолган қисмини беришини талаб қилиб, 200 АҚШ доллари ва 1 млн. 50 минг сўм олган вақтида ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят прокуратураси ҳамда Департаментнинг ҳудудий бошқармасини жалб этган ҳолда ўтказилган тезкор тадбирда ушланди.

Бухоро вилоятидаги «Қоракўл» ташқи иқтисодий фаолият божхона постининг катта инспектори хорижий тадбиркорнинг Туркманистон Республикаси ҳудудидан келадиган юк вагонларини божхона тўловларини кам тўлайдиган деб кўрсатиб, кунлик омборхона тўловлари тўланмайдиган ҳолда декларация расмийлаштириб бериш эвазига, ундан 800 АҚШ доллари талаб қилади.

ДХХнинг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ҳамда иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда божхоначи сўралган пулдан 400 АҚШ долларини олган вақтида ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.