Шавкат Мирзиёев Тожикстон Бош вазири билан учрашди

Фото: Пресс-служба президента

Душанбега давлат ташрифи доирасида Президент Шавкат Мирзиёев 19 апрель куни Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзодани қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати ёзмоқда.

Ўзбекистон-Тожикистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

“Ўзбекистон раҳбари кеча Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида тарихий шартнома имзоланганини таъкидлади. Шу маънода, олий даражада эришилган барча келишувлар икки мамлакат ҳукуматлари томонидан сўзсиз амалга оширилиши муҳим экани қайд этилди. Шу мақсадда қўшма “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва Бош вазирларнинг учрашувларини тизимли равишда ташкил этиб бориш зарур”, – дейилади хабарда.

Товар айирбошлашни ошириш, чегараолди савдони ва савдо инфратузилмасини ривожлантириш, автомобилсозлик, энергетика, электротехника, қазиб чиқариш, тўқимачилик, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда саноат кооперациясини чуқурлаштириш устувор вазифалар сифатида кўрсатиб ўтилди.

Икки мамлакат ҳудудларининг салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш ҳамда маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.