Тадбиркорнинг матбуот котиби: “Алишер Усмонов Буюк Британияда кўчмас мулкка эга эмас”

Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази (OCCRP) “Важные истории” ва дунёдаги энг йирик оммавий ахборот воситалари билан биргаликда санкциялар остида бўлган россияликларнинг хорижий активларини кузатишни бошлади. Улар орасида асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов ҳам бор эди. Журналистларнинг маълумотларига кўра, Усмоновнинг жиянлари Лондонда миллионлаб долларлик қасрларга эга.

Danewood Drive. Манба: “Важные истории”

“USM” холдинг эгаси Алишер Усмоновнинг жияни Сарвар Исмоилов Лондондаги Danewood Drive кўчасида 30,8 миллион долларлик данғиллама ҳовлига эгалик қилади. Исмоилов ҳозир 30 ёшдан ошган эмас. Унинг укаси Санжар Исмоиловнинг Winnington Road мавзесида 28,6 миллион долларлик уйи бор.

Winnington Road. манба: “Важные истории”

Усмоновнинг вакили тадбиркорнинг жиянлари уйларни унинг пулига сотиб олганини рад этади. Бироқ, у Усмонов уларнинг онаси, синглиси Гулбаҳорга пул ўтказаётгани ва у ўғилларига пул бериши мумкинлигини тасдиқлади.

“Гулбаҳор Исмоилованинг ўзи Хорватия ва Кипр компаниялари занжири орқали Хорватиянинг Пелешац ярим оролида умумий майдони 22,5 минг квадрат метр бўлган иккита уй ва ўрмонли ер участкасига эга. Ушбу мулкнинг тахминий қиймати 5,6 миллион долларни ташкил қилади. Шунингдек, Исмоилованинг Юрмалада 620,5 минг долларлик квартираси бор”, – дейди журналистлар.

Усмоновнинг матбуот котиби сешанба куни Reuters агентлигига унинг барча мулки 2006 йилда “қайтариб бўлмайдиган трастлар”га ўтказилганини, улар одатда яратилгандан кейин ўзгартирилмаслиги ҳақида баёнот берди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.