Давлат бюджетида 140 млрд сўм қўшимча даромад манбалари аниқланди

Фото: Янги Ўзбекистон

Жорий йилнинг I чорагида Ҳисоб палатаси томонидан ўтказилган 14 та назорат тадбирида 8,3 млрд сўмлик ноқонуний харажатлар бюджетига ундирилди, деб хабар бермоқда палата масъул ходими Сардор Усмонов.

Давлат бюджетида 140 млрд сўм қўшимча даромад манбалари аниқланган ва республиканинг 5 та ҳудудида 2022-2023 йиллар давомида давлат буюртмачилари томонидан тўғридан-тўғри тузилган шартномалар асосида амалга оширилган харидларнинг қонунийлиги ўрганилган.

“Таҳлилларда рақобатли усулларни четлаб ўтиб тўғридан-тўғри шартномалар тузиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйиш, харид шартномаларини экспертизадан ўтказмаслик ва юқори нархларда харидларни амалга ошириш ҳолатларининг мавжудлиги маълум бўлди”, – дейилади хабарда.

Бюджетдан энг кўп маблағ олувчи вазирликларга Ҳисоб палатасининг масъул ходимлари доимий тарзда бириктирилган ва асосий эътибор бюджет маблағлари сарфланишинг мониторинги ва самарасиз харажатларни олдини олишга қаратилган.

Давлат раҳбарининг 1-чоракда қабул қилинган 117 та ҳужжатидаги 5 287 та топшириқлари ижроси устидан “ijro.gov.uz” электрон тизими орқали кунлик назорат ўрнатилган ҳамда ўтган чоракда амалга оширилган масофавий назорат натижаларига кўра 260 та ҳолатда 37,2 млрд сўмлик молиявий хатоликларнинг барвақт олди олинган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.