Шимкент шаҳрида Ўзбек тили ва маданияти маркази очилди

Фото: ИА "Дунё".

Қозоғистоннинг Шимкент шаҳридаги Жумабек Ташенов номидаги университети қошида Ўзбек тили ва маданияти маркази очилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА. Ушбу марказ Жумабек Ташенов номдаги университети ва Андижон давлат педагогика институти ўртасида тузилган Ҳамкорлик меморандуми асосида ташкил этилди.

“Қайд этиш керакки, мазкур университетда «Ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчилари» дастури асосида бакалавр ва магистрлар тайёрланмоқда. Университет ташкил этилганининг 25 йиллигига бағишланган  халқаро илмий-амалий конференция доирасида Ўзбек тили ва маданияти марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди”, – дейилади хабарда.

Унда Андижон давлат педагогика институти ректори Бахтиёр Расулов бошчилигидаги Ўзбекистон олий таълим муассасалари вакилларидан иборат делегация қатнашган.

“Қозоғистон томони Ўзбек тили ва маданияти марказининг ташкил этишда муносиб ҳисса қўшган Андижон давлат педагогика институти, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети раҳбарияти ҳамда профессор-ўқитувчиларига миннатдорлик билдирган”, – дейилади.

Марказ Ўзбекистоннинг миллий маданияти, адабиёти ва урф одатларини кенг тарғиб қилиш имконини беради.

Аввалроқ, Оксфорд университетида Ўзбек тили маркази очилгани ҳақида хабар бергандик.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.